Хориждаги ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — давлат сиёсатининг устувор йўналиши
МУНОСАБАТ
Хорижда яшаётган, меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масаласи бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, бу барчамиз учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 15 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда ҳимоя қилиш бўйича аниқ ва қатъий вазифалар белгилаб берилди. Мазкур йиғилиш ташқи сиёсатда инсон манфаатлари, фуқароларимиз хавфсизлиги ва ҳуқуқларини таъминлаш устувор эканининг яққол амалий ифодаси бўлди.
Йиғилишда элчилар ва консуллар фаолиятига янгича ёндашув жорий этилиб, “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, жумладан, меҳнат мигрантлари ва талабалар билан бевосита ишлаш, уларнинг яшаш ва ўқиш жойларига бориб, муаммоларини ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда малакали юридик ёрдам кўрсатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада дипломатик ваколатхоналар фақат расмий мурожаатлар билан чекланиб қолмасдан, амалий ёрдам кўрсатиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси оқими ортиб бораётган давлатларда консулларнинг асосий вазифаси сифатида меҳнат мигрантлари билан тизимли ишлаш, фуқароларни қонуний иш ўринларига йўналтириш, ноқонуний бандлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда юқори даромадли мамлакатлар билан қонуний меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни кучайтириш белгиланди.
Элчилар фаолиятини баҳолашда экспорт тушумлари, туристлар оқими ва қонуний меҳнат миграцияси каби кўрсаткичларни KPI сифатида жорий этиш ташаббуси мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қиладиган самарали ёндашув эканини кўрсатади.
Шу муносабат билан, биз — таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари сифатида, Президентимиз томонидан белгиланган ушбу устувор вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлашимиз, хорижда таҳсил олаётган ёшларимиз ва меҳнат мигрантларимиз билан ишлашни янада кучайтиришимиз зарур, деб ҳисоблайман. Инсон ҳуқуқлари ва ватандошлар манфаатларини ҳимоя қилиш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдеворларидан биридир.
Олим Муртазаев
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Самарқанд филиали директори, профессор




















O'zbekcha
Русский
English