Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Олим Муртазаев тақдирланди
ТДИУ Самарқанд филиалида навбатдаги Кенгаш йиғилиши ва эътироф маросими бўлиб ўтди
2025-йил 1-ноябр куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида Кенгашнинг 3-сонли йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш филиалнинг “А” биноси мажлислар залида ўтказилди ва унда филиал раҳбарияти, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирлари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.
Кун тартибидан муҳим масалалар ўрин олди. Хусусан, Президент қарорлари, Фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳужжатларининг ижроси, шунингдек, ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан Ш. Вафоева томонидан батафсил ахборот тингланди.
Шунингдек, ўқув жараёнини такомиллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида филиал директори ўринбосари Ф. Аҳроров маълумот берди.
“Ўзбек тили ва хорижий тиллар” кафедрасида “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан Б. Мирсанов ҳамда З. Бобомурадов ҳисобот бердилар.
Йиғилиш давомида халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, хорижий университетлар билан алоқаларни кенгайтириш, хорижий мутахассисларни жалб этиш борасида О. Муйдинов ахборот берди.
Кун тартибининг якуний қисмида танлов асосида лавозимларга сайлаш, илмий даражали ходимларга қўшимча ҳақ миқдорини тасдиқлаш, шунингдек, Бухгалтерия ҳисоби ва молия факультети “Ўзбек тили ва хорижий тиллар” кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Б. Мирсановнинг “Немис тили терминологиясида иккиламчи номлашлар ва уларнинг мотивлашуви” номли монографиясини чоп этишга тавсия этиш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишнинг энг муҳим онларидан бири — ТДИУ Самарқанд филиали директори, ЎзХДП аъзоси, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати Олим Муртазаевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаккурномаси билан тақдирланиши бўлди.
Мазкур ташаккурнома Олим Муртазаевнинг кўп йиллик самарали меҳнати, таълим тизимини ривожлантиришдаги катта ҳиссаси ҳамда ўз хизмат бурчига бўлган садоқати учун берилди.
Тақдирлаш маросимида вазирлик вакиллари Муртазаев Олимнинг таълим соҳасидаги катта тажрибаси ва ёшларни билимли, ватансевар, замонавий мутахассислар сифатида тарбиялашдаги хизматларини алоҳида эътироф этдилар.
Тақдирлаш жараёнида директорга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шарипов томонидан имзоланган расмий Ташаккурнома топширилди.
Бу эътироф — наfaqat раҳбар шахсига, балки бутун ТДИУ Самарқанд филиали жамоасининг фидокорона меҳнати ва юртимиз таълим тизимига қўшган ҳиссасининг юксак қадрланишидир.



















O'zbekcha
Русский
English