Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш – устувор вазифа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти юзасидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали директори Олим Муртазаевнинг
МУРОЖААТИ
Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар ва филиалимиз жамоаси!
Шу йилнинг 24-февраль куни Президентимизнинг Кўксарой қароргоҳида 60 мингдан ортиқ ёшлар билан ўтказилган очиқ ва самимий мулоқоти мамлакатимиз тараққиётида муҳим босқич бўлди. Ушбу учрашувда ёшлар сиёсатини янги сифат даражасига олиб чиқиш, уларнинг ташаббусларини тизимли қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар тадбиркорлигини кенгайтириш ва стартап лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, инновацион ташаббусларни рағбатлантириш; хорижий тиллар ва рақамли касбларни чуқур ўрганиш; волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш, талабалар бандлигини таъминлаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида, ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши бизнинг ёшлар билан бевосита мулоқотни кучайтиришимизни, очиқлик, масъулият ва натижадорлик тамойилларига амал қилишимизни янада мустаҳкамлайди. Натижада мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларнинг баркамол ўсиши ва ривожланиши, ҳамда келажакда жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб шаклланишига эришилади.
Биз рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасининг замонавий, рақобатбардош мутахассисларини тайёрлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Шу боис таълим сифатини ошириш, иқтисодиётнинг замонавий қонуниятларини ўқитиш ва амалиётга жорий этиш ҳамда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашни асосий устувор вазифамиз деб ҳисоблаймиз.
“President Tech Award”, фрилансинг ва онлайн бизнес курслари, ИТ Парк билан ҳамкорликдаги амалиёт дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Филиалда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш учун 1298 нафар кундузги таълим талабаларидан 520 нафари дуал таълим шаклида ўқитилмоқда, талабаларнинг креатив ғоялари қўллаб-қувватланмоқда, улар томонидан яратилаётган стартап лойиҳалар ҳар ой 10 тадан амалиётга жорий этилмоқда. “Ишла ва саёҳат қил (Work and Travel)” дастури асосида ҳар йили 300 нафарга яқин талабаларимизнинг боришига кўмаклашамиз, спортга талабаларни кенг жалб қилишни янада кучайтирамиз, стол тенниси спорт турини алоҳида ривожлантирамиз ва чемпион бўлишлари учун ёшларга барча зарур шароитларни яратамиз, бу жараёнларда олийгоҳ бош ислоҳотчи бўлишини таъминлаймиз.
Битирувчи талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва битирувчиларнинг ўз бандлигини таъминлаши учун “Келажакка қадам” дастури асосида ҳар ойда камида 2 нафар талабаларнинг кредит маблағларини олиши учун амалий ёрдам берамиз. Филиалимиздаги 601 нафар битирувчи талабаларни ўз мутахассислиги бўйича босқичма-босқич бандлигини 100 фоиз таъминлаймиз.
Президентимиз ташаббуслари асосида ушбу йўналишларни янада кенгайтириб, ҳар бир талабамизнинг камида 1 та лойиҳа ёки амалий иш тажрибасига эга бўлишини таъминлаймиз.
Ҳурматли жамоа аъзолари! Ҳар бир илғор ғоя, ҳар бир инновацион таклиф биз учун қадрлидир. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан филиалимизни нафақат минтақада, балки республика миқёсида таълимнинг етакчи марказига айлантириш йўлида изчил ҳаракат қиламиз.
Азиз ёшлар, талабалар, сизларнинг интилиш ва ташаббусларингиз — Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлигидир. Президентимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, билим ва салоҳиятингизни Ватан равнақи йўлида сафарбар этишингизга ишонамиз!




















O'zbekcha
Русский
English