ТДИУ Самарқанд филиалида стартап лойиҳалар танлови эълон қилинди
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали томонидан стартап лойиҳалар танлови эълон қилинмоқда. Танловнинг асосий мақсади филиал ва маҳаллаларда истиқомат қилувчи иқтидорли ва истеъдодли ёшларнинг инновацион фаолияти натижалари ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг инновацион лойиҳаларини рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат. Ушбу танлов инновацион ғояларни бизнесга айлантириш учун муҳим имконият ҳисобланади.
Танлов доирасида энг яхши деб топилган стартап лойиҳалар молиялаштирилади ҳамда республика ва халқаро миқёсдаги грант танловларида иштирок этиш учун тавсия этилади. Шунингдек, танлов ғолиблари менторлар кўмагида доимий равишда ривожлантирилади ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ташкил этиладиган бошқа танловлар доирасида ютуқ сифатида эътироф этилади.
Танлов доирасида аризалар 2026 йил 10 февралдан 28 феврал соат 23:59 гача қабул қилинади. Танловга тақдим этиладиган аризалар белгиланган ҳужжат шакллари асосида тўлдирилган ҳолда Хушнуд Казаковга Telegram мессенжери орқали +998 90 601 65 50 рақамига тақдим этилади. Қўшимча маълумотлар учун мурожаат телефони: +998 94 642 30 02 (Жонибек Бўрибоев).
Тақдим этилган ҳужжатлар “Бўлажак олим” танлови талабларига мувофиқ тўлиқ ва расмийлаштирилган ҳолда топширилиши, шунингдек, улардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги учун ариза муаллифлари шахсан жавобгар ҳисобланади. Танлов дастурида белгиланган вазифалар ва кутилган натижалар тўлиқ, сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилиши лозим.
Стартап лойиҳа танлови шартлари
1. Умумий қоидалар
Ушбу танлов инновацион ва тижоратлашув салоҳиятига эга стартап лойиҳаларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади. Танлов ташкилотчиси Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ҳисобланади. Танлов очиқ ва бепул асосда ўтказилади. Танлов якунларига кўра ғолиблар аниқланади ва мукофотланади.
2. Танлов иштирокчилари
Танловда барча талабалар ва ёш тадқиқотчилар, 2–5 нафар аъзодан иборат стартап жамоалари ҳамда маҳаллалар ёшлари иштирок этиши мумкин. Ҳар бир иштирокчи ёки жамоа танловда фақат битта лойиҳа билан қатнашиши мумкин.
3. Лойиҳа йўналишлари
Танлов барча йўналишларда ташаббусли стартап лойиҳалар шаклида ўтказилади.
4. Танлов босқичлари
Танлов аризаларни қабул қилиш, саралаш, лойиҳа тақдимоти ва ғолибларни аниқлаш босқичларидан иборат. Саралашдан ўтган иштирокчилар 5–7 дақиқа давомида лойиҳа тақдимотини амалга оширадилар.
5. Бахолаш мезонлари
Лойиҳалар инновационлик даражаси, муаммо ва ечимнинг долзарблиги, бозор салоҳияти ва даромад модели, техник ва амалий амалга ошириш имконияти, жамоа салоҳияти ҳамда тақдимот сифати асосида баҳоланади.
6. Ҳужжатлар ва талаблар
Иштирокчилар тўлдирилган ариза шакли ҳамда белгиланган ҳажмдаги лойиҳа тавсифини тақдим этишлари шарт.
7. Мукофотлар
Биринчи ўрин ғолиби лойиҳа прототипини яратиш учун молиялаштирилади ва сертификат билан тақдирланади. Иккинчи ва учинчи ўрин эгаларини сертификат билан тақдирланади. Қўшимча равишда менторлик дастури, инкубация ва акселерация имкониятлари ҳамда инвесторлар билан учрашувлар ташкил этилади.
8. Интеллектуал мулк ҳуқуқи
Танлов доирасида тақдим этилган барча лойиҳаларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқи лойиҳа муаллифларига тегишли бўлиб қолади. Ташкилотчи лойиҳалардан фақат танловни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланиши мумкин.
9. Якуний қоидалар
Ташкилотчи танлов шартларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Бахсли ҳолатларда ҳакамлар ҳайъати қарори якуний ҳисобланади. Танловда иштирок этиш ушбу шартларга тўлиқ розилик билдирилганлигини англатади.



















O'zbekcha
Русский
English