ТДИУ Самарқанд филиали ва WUST ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди
2025-йил 20-ноябр куни Тошкент Давлат иқтисодиёт Университети Самарқанд филиали доценти Бобур Собиров АҚШнинг Виржиния штатида жойлашган Washington University of Science and Technology (WUST)га ташриф буюрди. Мазкур ташриф икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди.
Ташриф давомида доцент Бобур Собиров университетнинг замонавий инфратузилмаси, таълим ва илмий фаолият учун яратилган шарт-шароитлар, лаборатория хоналари, компьютер марказлари, инновацион ўқув аудиториялари, онлайн таълим тизимлари ҳамда талабалар учун мўлжалланган овқатланиш ва дам олиш масканлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, талабаларни ишга жойлаштириш бўлими фаолияти ва унда жорий этилган рақамли платформалар алоҳида қайд этилди.
WUST университетининг Triple Mission (Диплом, Кўникмалар, Иш билан таъминлаш) ва Triple A (Аккредитацияланган, Арзон, Осон кириш мумкин) тамойиллари асосида шаклланган экотизими талабаларга сифатли таълим ва амалиёт имкониятларини тақдим этмоқда. Университетнинг онлайн MBA дастури эса халқаро бозорда талаб юксак бўлган замонавий билимларни ўзлаштириш имконини беради.
Ташриф якунларида томонлар ўртасида Memorandum of Understanding (MoU) имзоланди. Ушбу ҳужжат қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, магистратура ва PhD тадқиқотларига қўшма раҳбарлик, Double Degree дастурларини жорий этиш бўйича келишувни назарда тутади. Шу билан бирга, семинарлар, ёзги ва қишки мактаблар ҳамкорликда ташкил этилиши режалаштирилган.
Бу ҳамкорлик икки университет ўртасидаги илмий-академик салоҳиятни ошириш, халқаро таълим стандартларини ривожлантириш ва талабалар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди.



















O'zbekcha
Русский
English




