Муносабат
Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши ва рақобатбардош инсон капиталини шакллантиришга қаратилган муҳим йўналишлардан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган устувор йўналишлар асосида олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёни давом этмоқда.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар таълим тизимининг шаффофлигини таъминлаш, кадрлар танловининг адолатли амалга оширилиши ва илмий салоҳиятни оширишга хизмат қилади. Бу борада давлат раҳбарининг "Коррупция жамият танасидаги саратон" деган фикри олий таълим тизими учун ҳам долзарбдир. Олий таълим муассасаларида очиқлик ва ҳисобдорликни ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик фаолиятини адолатли баҳолаш орқали академик соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш зарур.
Талабалар қабули тизимининг ўзгартирилиши, кредит-модул тизимига ўтиш олий таълимда илдиз олиб кетган коррупцияни тезликда бартараф этиш имконини берди. Ушбу тизим таълим жараёнининг шаффофлигини ошириш, ҳар бир талабанинг билим ва кўникмаларини холис баҳолаш имкониятини яратди. Натижада, олий таълим муассасаларида очиқлик ва адолат мезонлари асосида кадрлар танлаб олиниши, академик ҳалоллик тамойиллари мустаҳкамланиши таъминланмоқда.
Шунингдек, олий таълим муассасаларида давлат хизматига ҳалол, малакали ва рақобатбардош кадрларни етказиб бериш мақсадида таълим жараёнининг сифатини ошириш, илмий изланишларни амалиёт билан уйғунлаштириш, таълим дастурларини халқаро талаблар асосида янгилаш муҳим вазифалардан биридир. Таълим сифатини оширишда кадрлар тайёрлаш жараёнини коррупциядан холи ҳолда ташкил этиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини кенгайтириш масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ислоҳотлар доирасида олий таълим тизимида инсон капиталига бўлган эътибор кескин ортиб, ҳар бир талабага тенг имкониятлар яратиш, ўқитиш жараёнида шаффоф ва инновацион ёндашувларни жорий қилиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Шу боисдан, олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш учун жамоатчилик, илмий доиралар ва кенг аудитория иштирокида муҳокамаларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар фаоллигини рағбатлантириш лозим.
Келажакда таълим тизимининг янада ривожланиши учун академик соҳада очиқлик ва ҳалолликни мустаҳкамлаш, замонавий билимларни етказиб бериш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали олий таълим муассасаларини янада рақобатбардош қилишга эришилади. Бу эса, ўз навбатида, илмий тадқиқотлар ва амалий ишланмалар орқали мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг янги босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.
Ахроров Фарход Бахриддинович,
ТДИУ Самарқанд филиали
Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари,иқтисод фанлари доктори.



















O'zbekcha
Русский
English