Латвия ҳаётий фанлар ва технологиялар университети вакиллари ТДИУ Самарқанд филиалида
Латвия ҳаётий фанлар ва технологиялар университети вакиллари ТДИУ Самарқанд филиалида
2025-йил 10-октябрь куни Латвия ҳаётий фанлар ва технологиялар университетининг халқаро икки томонлама диплом дастурларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассиси Виктория Криштопане ҳамда ташқи алоқалар бўйича координатор Илона Пукяне Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига ташриф буюришди.
Ташриф давомида меҳмонларга Иқтисодиёт факультети декани Г.Ибрагимов ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи О.Муйдиновлар ҳамроҳлик қилдилар.
Меҳмонлар ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ф.Аҳроров билан икки олийгоҳ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурларининг ҳозирги ҳолати, талабаларнинг ўқиш жараёни ва истиқболдаги янги лойиҳалар ҳақида фикр алмашдилар.
Филиал директори, профессор О.Муртазаев ва ҳамкор университет вакили Виктория Криштопане “Ахборот тизимлари ва технологиялари” қўшма таълим дастури талабалари учун 2+2 шаклидан 1+3 шаклига ўзгартириш бўйича қўшимча шартномани имзоладилар. Янги тизим таълим сифати ва талабаларнинг умумий тажрибасини оширишга қаратилган бўлиб, янги ўқув йилидан талабалар 1-курсни ТДИУ Самарқанд филиалида, қолган 3 йилни эса ҳамкор университетда ўқишлари назарда тутилган.
Шунингдек, Латвия университети вакиллари 1- ва 2-босқич талабалари билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Учрашув давомида талабаларга Латвия таълим тизими, ўқиш жараёнининг афзалликлари ва икки дипломли дастурлар орқали яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар ўз саволларига хорижлик мутахассислардан тўлиқ жавоб олдилар.
Учрашув самимий муҳитда ўтди ва томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда магистратура бўйича янги қўшма дастурларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Маълумот учун: 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб ТДИУ Самарқанд филиали ва Латвия ҳаётий фанлар ва технологиялар университети ўртасида тузилган халқаро шартнома асосида “Ахборот тизимлари ва технологиялари” ҳамда “Иқтисодиёт” йўналишлари бўйича 2+2 қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда.























O'zbekcha
Русский
English